Антон Чехов. Muallifning Hikoyasi
N шаҳридаги эркаклар монастирининг «Қизил дарвоза» деб аталадиган катта дарвозасига тўртта чиройли семиз от қўшилган соявон арава кириб келди; меҳмонхона корпусининг дворянлар хонаси олдида тўдаланиб турган паст даражали руҳонийлар ва монах шогирдлари узоқдан кучерни ва отларни кўриш биланоқ соявон аравада ўтирган хоним ўзларига яхши таниш княгиня Вера Гавриловна эканини дарров пайқашди.
Ливрея кийган чол аравадан сакраб тушди-да, княгиняни қўлтиғидан олиб, тушириб қўйди. Хоним қора суртигини кўтарди-да, шошмасдан, дуо ўқиб турган паст даражали руҳонийлар олдига борди; кейин монах шогирдларига мулойимгина бош ирғади-да, оромгоҳга қараб йўл олди.
— Ҳа, княгинясиз зерикиб қолдингларми? — деди у, нарсаларини олиб кираётган монахларга қараб. — Сизларникида бир ой бўлмадим. Мана, энди келдим, княгинянгизга қараб тўйиб олинг. Архимандрит ота қанилар? Водариғ, у кишини қачон кўраман деб, тоқатим тоқ бўлди-ку! Ажойиб бебаҳо чол! Сизлар шундай архимандритимиз бор деб фахрлансанглар арзийди!
Архимандрит кириб келганида, княгиня қувонганидан қичқириб юборди, қўлларини кўкрагига қўйиб, фотиҳа олмоқ учун олдига борди.
— Йўқ, йўқ! Сизни ўпмасам бўлмайди! — дейди княгиня ва архимандритнинг қўлини ушлаб уч марта эҳтирос билан ўпади. — Ниҳоят, сизни кўрмоқ насиб бўлди-я, падар бузруквор, мен жуда хурсандман! Сиз-ку, ўз княгинянгизни унутиб юборгандирсиз-а, аммо мен ўзимни ҳар дақиқа сизнинг меҳрибон монастирингизда яшаётгандай хис этдим. Бу ер хўп яхши-да! Бу ерда, дунёнинг ғовур-ғувуридан узоқда, ёлғиз тангри ҳаёлида яшамоқнинг аллақандай латофати бор, падар бузруквор, мен бу латофатни бутун вужудим билан ҳис этаману, сўз билан ифода қила олмайман!
Княгинянинг юзлари қизариб, кўзларида ёш пайдо бўлди. У тўхтовсиз, куйиб-пишиб гапирар эди, ёши етмишларга борган, кўримсиз, жиддий ва тортинчоқ чол — архимандрит эса, жим турар, фақат ҳар замонда бир, бўлиб-бўлиб, ҳарбийчасига гапириб қўярди:
— Худди шундай, хоним зоти олийлари… Эшитаман-н… Тушуняпман-н…
— Биз томонга узоқ муддатга қадам ранжида қилдиларми? — деб сўради чол.
— Бугун шу ерда ётиб қоламан, эртага Клавдия Николаевнанинг олдига бораман — у киши билан ҳам кўришмаганимизга анча бўлди, индинга яна шу ерга қайтиб келиб, уч-тўрт кун тураман. Шу ерда, сизнинг ҳузурингизда руҳан ором олмоқчиман, падар бузруквор…
Княгиня N монастирига келиб-кетиб туришни яхши кўрарди. У кейинги икки йил ичида бу жойга ишқивоз бўлиб қолди, ёз кунлари ҳар ойда шу ёққа келиб, икки-уч кун, баъзан эса ҳафталаб ҳам туриб кетади. Тортинчоқ хизматкорлар, сокинлик, хоналарнинг пастак шифтлари, сарв дарахтининг хушбўйи, жўнгина таомлар, арзонгина дарпардалар — ҳаммаси кўнглига таъсир қилар ҳам ширин хаёллар бахш этар эди. Оромгоҳда ярим соат турса кифоя, ўзи ҳам гўё уятчан ва камтарин бўлиб қолгандай, ундан ҳам сарв дарахтининг иси келаётгандай бўларди; ўтмиш аллақаёқларда қолиб, ўз қимматини йўқотар, княгиня эса, йигирма тўққизга кирган бўлса ҳам, кекса архимандритга жуда ўхшаб қолаётгандай бўларди, мол-давлат учун, ҳашамат, улуғворлик ва муҳаббат учун ўша чол сингари эмас, ёруғ дунёдан четда, оқшом каби сокин хилватда яшаш учун туғилгандай бўларди…
Баъзан шундай бўлади: ибодат қилиб турган рўзаоғиз монахнинг қоронғу ҳужрасига фавқулодда бир ёруғ нур тушиб қолади, ё бўлмаса ҳужра деразасига бирор парранда қўниб олиб, сайраб юборади; бадқовоқ рўзаоғиз монах беихтиёр илжайиб қўяди ва унинг гуноҳлар туфайли кўксида тўпланган оғир хасратлари остидан, худди тош тагидан чиққан булоқдай, сокин, покиза шодлик қайнаб чиқади. Княгиня ҳам бу ерга худди ўша нур ёки ўша парранда каби, бир овунчоқдай бўлади. Унинг мулойим, дилхуш табассумлари, беозор боқишлари, овози, ҳазиллари, оддийгина қора кўйлак кийиб олганида хушбичим жуссасининг ихчамлиги, умуман княгинянинг бутун туриш-турмуши оддий, бадфеъл одамларнинг ҳам кўнглини эритиб юбориши, уларда шодлик ҳислари уйғотиши керак эди. Уни кўрган ҳар бир монах: «худо бизга фаришта юборипти…» деб ўйлаши керак эди. Ҳар бир монах беихтиёр шундай ўйлашини княгинянинг ўзи ҳам сезиб, янада мулойимроқ табассум қилар, ўша паррандага тақлид қилишга уринар эди…
Княгиня чой ичиб, дам олиб бўлгандан кейин сайр қилгани чиқди. Кун ботиб қолган эди. Монастир гулзоридаги ҳозиргина суғорилган қалампир гулнинг хушбўй ҳиди думоғига урар, черковдан эркаклар куйлаётган ҳазин қўшиқ эшитилар, бу қўшиқ олисдан жуда ёқимли ва мунгли туйиларди. Кечки ибодат давом этмоқда эди. Шамчироқларнинг ғира-шира нурлари милтиллаётган қоронғу деразаларда, қўлида хайр-эҳсон косасини ушлаб, иконанинг ёнидаги супада ўтирган кекса монахнинг қоматида шундай ажойиб сокинлик бор эдики, княгинянинг негадир йиғлагуси келиб кетди.
Ташқарида эса, девор билан қайинлар ўртасидаги скамейкалар турган хиёбонни аллақачон қоронғулик босган эди. Кун тобора қоронғулашмоқда… Княгиня хиёбонда сайр қилиб юриб, скамейкага ўтирди-да, хаёлга чўмди.
У шу монастирга кўчиб келиб, бутун умрини шу ерда, худди ёз оқшоми каби сокин ва беғовға ерда утказиш тўғрисида ўйларди; ёмон йўлга кирган ношукур князни, ўзининг беҳисоб кўп мол-дунёсини, ҳар куни узини безор қилувчи қарз берувчиларни, ўз шўр пешоналигини, важоҳати бугун эрталаб жуда хунук кўринган оқсоч Дашани бутунлай унутиш яхши бўлур эди. Бутун умр бўйи У скамейкада ўтириб, пастга, тоғ этакларида кечки парча-парча туманнинг жимирлаб юрганини йироқларда, ўрмон устидаги тўр каби булут орасида тунашга кетаётган қора қарғанинг учиб кетаётганини, бири отлиқ ва бир пиёда — икки монах шогирдининг отларни отхонага ҳайдаб кетаётганини, эркинликда уларнинг худди ёш болалардай шўхлик қилганини оқ қайинлар танаси орасидан томоша қилиб ўтириш нақадар яхши бўлур эди, уларнинг шўх-қувноқ овозлари сокин ҳавода шундай жаранглайдики, ҳар бир сўзини тушуниб олиш мумкин. Жимжитликка қулоқ солиб ўтириш қандай нашъали: гоҳ шамол эсиб, қайинларнинг учини тебратади, гоҳ қуруқ барглар орасида бақалар шитирлайди, гоҳ девордаги қўнғироқли соат чоракка занг уради… Қимир этмай ўтириб, жимликка қулоқ солсангу, муттасил ўйлайверсанг, ўйлайверсанг.
Шу ердан елкасига халта осган бир кампир ўтиб қолди. Княгиня мана шу кампирни тўхтатиб, унга бирор мулойим, кўнглини кўтарадиган гап айтиб, ёрдам берсам яхши бўларди, деб ўйлади… Бироқ, кампир княгиняга бирор марта ҳам ўгирилиб қарамасдан, муйилишдан бурилиб кетди.
Бир оздан кейин хиёбонда, соқол мўйлови оқарган, похол шляпа кийган новча бир киши кўринди. У княгинянинг тўғрисига келгач, шляпасини олиб, таъзим қилди; тепакалини ва қаншари пастлигини кўриб княгиня уни таниди: бу бундан беш йил муқаддам Дубовкада ўз қўлида ишлаган доктор Михаил Иванович эди. Княгиняга кимдир бултур докторнинг хотини ўлди, деган эди, ҳозир шу эсига тушиб кетиб, унга таъзия билдириш ва тасалли беришни истаб қолди.
— Доктор, сиз мени таниёлмадингиз, шекилли? — деб сўради княгиня мулойимгина табассум қилиб.
— Йўқ, княгиня, танидим, — деди доктор, яна бир бор шляпасини бошидан олиб.
— Ҳайрият, раҳмат, сал бўлмаса сиз ҳам ўз княгинянгизни унутиб юборгандирсиз деб ўйлаган эдим. Одамлар ўз душманларини эсда сақлаб, дўстларини унутиб юборишади. Сиз ҳам ибодатга келдингизми?
— Мен ҳар шанба кечаси шу ерда хизмат юзасидан бўламан.
— Хўш, аҳволингиз қалай? — деб сўради уҳ тортиб. — Қаллиғингиз қазо қилипти деб эшитдим! Қандай бахтсизлик!
— Ҳа, княгиня, менинг учун бу катта бахтсизлик бўлди.
— Иложимиз қанча! Биз шукур қилиб бахтсизликка чидашимиз керак. Худодан беамр одамнинг бир тола сочи ҳам тўкилмайди.
— Ҳа, княгиня.
Княгинянинг кўнгилчанлиги, ёқимтой табассуми ва уҳ тортишларига доктор қуруққина қилиб: «Ҳа, княгиня» деб қўяқолди. Унинг юзида қуруққина совуқ бир ифода акс этар эди.
«Унга яна нима десамикан?» деб ўйлади княгиня.
— Сиз билан кўришмаганимизга ҳам анча бўлди-я! деди княгиня. — Беш йил! Бу орада қанча сувлар оқиб кетди, қанча ўзгаришлар бўлди, буни ўйлаб кўришнинг ўзи бир даҳшат! Хабарингиз бордир, мен эрга тегдим… Графиня эдим, княгиня бўлдим. Эрдан чиқдим ҳам.
— Ҳа, эшитган эдим.
— Бошимга худо анча-мунча мушкулларни солди. Эшитган бўлсангиз керак, мен бутунлай деярли хонавайрон бўлдим. Бебахт эримнинг қарзига Дубовкамни, Кирьяковони, Софьинони ҳам сотиб юборишди. Қўлимда фақат Бароново билан Михальцово қолди. Ўтмишга назар солиш даҳшат: қанча ўзгаришлар, қанча бахтсизликлар, қанча хатолар!
— Шундоқ, княгиня, хатолар жуда кўп.
Княгиня бироз хижолат тортди. У ўз хатоларини биларди; бу хатолар шу қадар махфий эдики, булар ҳақида ёлғиз ўзигина ўйлай олар ва гапира оларди. Княгиня ўзини тутолмай сўради:
— Сиз қайси хатоларни ўйлаяпсиз?
— Ўзингиз айтиб бердингиз-ку, демак, билар экансиз-да… — деб кулди доктор, — Буларни гапириб ўтирмаса ҳам бўлади!
— Йўқ, айтинг-да, доктор. Мен сиздан жуда миннатдор бўламан! Кейин, марҳамат қилинг, тортиниб ўтирманг. Мен ҳақиқатни эшитишни яхши кўраман.
— Мен судья эмасман-ку, княгиня.
— Судья эмасман? Ие сиз бундай оҳангда гапиришингиздан, демак, бирор нарсани билар экансиз-да, айтинг.
— Агар истасангиз, унда рухсат этинг. Фақат, бахтга қарши, мен гапга уста эмасман, баъзан гапимга тушуни ҳам бўлмайди.
Доктор ўйлаб туриб, бошлади:
— Хатолар жуда кўп, лекин тўғрисини айтганда булар орасида менинг фикримча, энг каттаси ҳалиги… Сизнинг бутун мулкларингизда ҳукм сурган умумий бир кайфият. Кўряпсизми, гапга нўноқман-да. Яъни, бу хатоларнинг энг каттаси — шундан иборатки, ҳамма ерда одамларга бемеҳрлик билан, нафрат билан қараларди. Бу нарса деярли ҳамма жойда, ҳамма ишда сезилиб турарди. Ҳаётингизнинг бутун қоидалари мана шу нафрат асосида қурилган эди. Одамнинг овозидан, башарасидан гардонидан, қадамидан… хуллас, инсоннинг ҳамма нарсасидан нафратланиларди. Кийим-кечаги нобоп одамларни уйга киритмаслик учун ҳамма эшикларда ва зиналарда уқали кийим кийган семиз, дағал, иш ёқмас гайдуклар турарди, базм бўлган кезларда, қабул маросимларида малайлар девордаги қоғозга гардони билан тегиб доғ қилиб қўймаслиги учун даҳлизда суянчиғи баланд махсус стуллар турарди; одам юрганда қадам товуши эшитилмаслиги учун ҳамма уйларга пат гиламлар солиб қўйилган эди; уйга кириб келган ҳар бир одамни албатта огоҳлантириб, секинроқ ва камроқ гапиришини ҳамда хаёлга ва асабга ёмон таъсир этадиган гаплардан гапирмаслигини тайинлаб қўйишарди. Сизнинг бўлмангизда эса, худди ҳозир сиз менга қўл бермаганингиз ва ўтиришга таклиф этмаганингиз сингари, ҳеч ким бировга қўл бермасди ва ўтиришга ҳам таклиф этмасди…
— Марҳамат, ўтира қолинг бўлмаса! — деди княгиня, қўлини узатиб ва жилмайиб. — Шу арзимаган нарсаларга ҳам хафа бўлавераркан-да одам..
— Ҳа, мен хафа бўляпманми? — деб кулиб юборди доктор, лекин шу ондаёқ жиғи-бийрони чиқиб, шляпасини бошидан олиб, уни силкитиб гапириб кетди: — очиғини айтсам, кўпдан буён сизга бутун гапни гапирмоқчи бўлиб, пайт пойлаб юрган эдим… Яъни мен демоқчиманки сиз Наполеонга ўхшаб одамларга тўп еми деб қарайсиз. Аммо Наполеонда ҳар ҳолда бирор ғоя бор эди, сизда-чи, сизда нафратдан бошқа ҳеч бало йўқ!
— Менда одамларга нафрат! — Ҳайрат билан елкасини қисиб илжайди княгиня. — Менда-я!
— Ҳа, худди сизда! Хўш, далиллар керакми? Марҳамат! Михальцевонгизда сизнинг учта собиқ ошпазингиз тиланчилик қиляпти, улар сизнинг ўчоқ бошингизда хизмат қилиб, оловда кўзлари кўр бўлган. Ўн минглаб десятина ерингиздаги соғлом, бақувват одамларнинг ҳаммасини ўзингиз, сизнинг ҳаромхўрларингиз хизматкор, қўшчи, аравакаш қилиб олгансизлар. Бу икки оёқли вужудларнинг ҳаммаси малайликда таълим олди, бировга қарам бўлиб, еб-ичиб, қўпол одамларга айланди, қисқасини аитганда, инсонлик қиёфасини йўқотди. Ёш медикларни, агрономларни, ўқитувчиларни, жамики зиёлини ишидан ажратиб, э худо-ей, ҳалол меҳнатидан маҳрум этишади, бир бурда нон учун ҳар хил қўғирчоқ ўйинларида масхарабоз бўлишга мажбур қиладилар, бу ҳолдан ҳар бир эси бор одам хижолат тортади! Баъзан ёшгина йигитчалар уч йил ишламасдан риёкор, писмиқ, чақимчи бўлиб қолади… Хўш, шу яхшими? Сизда иш бошқарувчи бўлиб турган поляклар энг разил айғоқчиларнинг ўзи-ку; бу Казимирлар, бу Каэтанлар эрталабдан кечгача ерларингизда изғиб юриб, сизга яхши кўриниш учун бир ҳўкиздан учта тери шилиб олишга уринади. Рухсат этинг, мен тартибсиз гапиравераман, аммо ҳечқиси йўқ! Сизларда оддий кишилар одам ҳисобланмайди. Э, қўйинг-чи, сизникига келган князлар, графлар ва руҳонийларни ҳам одам санамасдингиз, уларга қўғирчоқ деб қарардингиз. Аммо энг муҳими… Менга энг ёмон таъсир қилгани шуки, миллион-миллион бойликка эга бўла туриб, одамларга заррача фойдангиз тегмаса-я!
Княгиня ўзини қандай тутишни билмай, ранжиб, чўчиб, нима дейишини билмай, ҳайрон бўлиб, ўтирарди. Илгари у билан ҳеч ким бу оҳангда гаплашмаган эди. Докторнинг ёқимсиз, жаҳл билан дудуқланиб, пойинтар-сойинтар гапириши княгинянинг қулоғини битириб, миясини ғовлатиб юборди; кейин назарида, имо-ишоралар билан гапираётган доктор унинг бошига худди шляпаси билан ураётгандай бўлди.
— Ёлғон! — деди княгиня аранг, ялинган бир оҳангда. — Мен одамларга кўп яхшилик қилганман, буни ўзингиз ҳам биласиз!
— Э қўйинг! — деди жеркиб доктор. — Наҳотки, ҳали ҳам ўзингизнинг берган садақаларингизни масхарабозлик эмас, фойдали бир жиддий иш деб ҳисобласангиз? Ахир унинг турган-битгани майнавозчилик эди-ку, бу ишларингизнинг ҳаммаси ўйинчоқ, очиқдан-очиқ ўйинчоқ эди-да, буни ёш болалар ҳам, анқов аёллар ҳам тушунарди, ахир! Мана анави жойингизниёқ олайлик, ҳа, оти қурғур, нимайди? Ғариб кампирлар учун ғалати уйингиз бор эди-ку, мени ўша ерга аллақандай бош докторга ўхшаш бир нима қилиб қўйиб, ўзингиз фахрий васий бўлган эдингиз. Ё тавба, ё парвардигор, бу қандай маҳкама бўлди! Полига паркет тўшаб, тунукаларини жимжимадор қилдириб, уй қурдирдингиз, қишлоқлардан ўнтача кампирни йиғиб, уларни байко одеяли ёпиб. Голландия полотносидан қилинган чойшабда ётиш ва новвот ейишга мажбур қилдингиз.
Доктор заҳарханда қилиб шляпасига пирқ этиб кулди-да, яна тез-тез, тутилиб-тутилиб гапида давом этди:
— Майна қилинган эди! Кампирлар ифлос қилиб қўймасин деб, етимхонадаги паст амалдорлар одеял ва чойшабларни қулфлаб, яшириб қўярдилар — жин урган кампирлар ерда ётаверсин деярдилар! Кампирларнинг на кроватга ўтиришига, на кофта кийишга, на силлиққина полдан юришга ҳадди бор. Бу нарсаларнинг ҳаммаси хўжа кўрсинга бўлиб, кампирлардан худди ўғридан асрагандай асраларди, уларни худо йўлига, ўлмаснинг куни боқиларди, кийинтириларди; лекин кампирлар эса, кечаю-кундуз худога нола қилиб, бу ифлос авахтахонадан, сизнинг назоратчиларингиз қўлидан қутилиш йўлини ахтаришарди. Хўш, юқори мансабдорлар нима қилишди? Уларники ҳаммадан ошиб тушади! Ўттиз беш минг чопар ҳафтасига икки мартаба кечқурун дувуллашиб келиб: «Эртага етимхонага княгиня (яъни сиз) ташриф буюрадилар» деб эълон қилишарди. Бу деган сўз, эртага касалларни ташлаб, кийиниб парадга бориш керак. Яхши, келдим ҳам. Кампирларга топ-тоза, янги кийим-бошлар кийдириб, радлаб қўйилган, улар кутиб туришипти. Гарнизондан истеъфо бериб чиққан чақимчи айёр каламуш назоратчи уларнинг олдида тиржайиб айланиб юради Кампирлар эснаб, у ёқ бу ёққа аланглашади-ю, лекин бирор нарса дейишга қўрқишади. Кутиб тураверамиз. Кичик бошқарувчи ғириллаб келади. Орадан ярим соат ўтгач, катта бошқарувчи, ундан кейин мулк конторасининг бош бошқарувчиси келади, ундан кейин яна биттаси, хуллас, кетма-кет келишаверади! Ҳамманинг юзида аллақандай сирли, тантанали бир ифода. Кутиб турганимиз-турган, оёқлар толиб, ҳали унисини — ҳали бунисини алмаштирамиз, соатга қараймиз — худди тобут устида мотам тутиб тургандай жимлик ҳукм суради, чунки ҳаммамиз бир-биримизни ўлгудай ёмон кўрамиз. Бир соат ўтар, икки соат ўтар, ниҳоят, мана узоқдан соявон арава кўринади ва… ва…
Доктор ингичка товуш билан хиринглаб кулиб, ингичка овоз билан гапирди:
— Соявон аравадан сиз чиқиб келасиз, шу он гарнивон каламушининг командаси билан жодугар кампирлар қўшиқ бошлаб юборишади: «Коль славен наш господь в Сионе, не может изъяснить язык…» Дурустми?
Доктор йўғон овоз билан хахолаб юборди ва кулгидан ўзини тиёлмай гапира олмаётганини билдириш учун қўлларини қимирлатиб қўйди, У худди шум одамлар сингари оғзини юмиб-юмиб, қаттиқ кулди, унинг овозидан, афтидан ва чақнаб турган андек беҳаё кўзларидан княгинядан ҳам, етимхонадан ҳам, кампирлардан ҳам ғоят нафратланаётгани сезилиб турарди. Докторнинг ношудлик билан қўполдан-қўпол қилиб айтиб берган нарсаларида бирорта кулгили ва кўнгилли жойи йўқ эди, лекин у ҳузур қилиб, ҳатто хурсанд бўлиб куларди.
— Хўш, мактаб-чи? — деб гапида давом этди у кулгидан энтикиб. — Эсингизда борми, мужикларнинг болаларини ўзингиз ўқитмоқчи бўлган эдингиз? Ўқитишни ҳам жуда қотирган бўлсангиз керак, сал кунда ҳамма болалар қочиб кетиб бўлди, кейин уларни уриб-сўкиб, пул бериб, сизнинг олдингизга олиб келишга тўғри келди. Хўш, эсингизда борми, далада ишловчи аёлларнинг эмизукли болаларини ўз қўлингиз билан сўрғич бериб боқмоқчи бўлган эдингиз? Аёллар эмизикли болаларини сизнинг марҳаматингизга топширмай, далага кўтариб кетганлари учун қишлоқда юриб, кўз ёш қилгандингиз. Кейин оқсоқол сизга эрмак бўлсин учун оналарга ёш болаларини навбатма-навбат ташлаб кетиш тўғрисида буйруқ берди. Ажиб ишлар экан-да! Худди мушукдан қочган сичқондай, сизнинг марҳаматингиздан ҳамма қочарди. Хўш, нега бунақа? Сабаби маълум! Халқимиз сиз айтганча нодон, ярамас эмас, сизнинг бутун қилмишларингизда, мени кечирасиз-у, тирноқча ҳам шафқат ва муҳаббат деган нарса йўқ эди! Сиз фақат бир мақсадни кўзлардингиз, яъни, жонли кўғирчоқлар билан ўзингизни овунтирдингиз, холос, шундан ўзга эмас… Одам билан лайчани фарқ қилмаган кишига ҳайри-эҳсон қилишнинг мутлақо ҳожати йўқ. Мен сизни ишонтириб айтаман, одам билан лайча ўртасида жуда катта фарқ бор!
Княгинянинг юраги дукиллаб, қулоқлари шанғиллаб кетди, назарида доктор худди шляпаси билан бошига ураётгандек бўлди. Доктор жиғибийрон бўлиб жуда тез гапирар, баъзан дудуқланиб, ортиқча ҳаракатлар қилиб юборарди; княгиняга фақат шу нарса аён эдики, у билан қўпол, беодоб, жоҳил, ярамас бир одам гаплашяпти, лекин бу одам ундан нима истайди ва нималар тўғрисида гапиряпти — бунга тушунолмасди.
— Жўнанг! — деди у йиғламсираган овоз билан; княгиня докторнинг шляпасидан бошини пана қилмоқ учун қўлларини ҳам кўтариб олган эди. — Жўнанг, дейман!
— Сиз ўз хизматкорларингиз билан қандай муносабатда бўласиз! — гапида давом этаверди доктор куйиб-пишиб. — Сиз уларни одам санамайсиз, яна худди энг ярамас фрибгар сингари камситасиз. Мана масалан, рухсат этинг-чи сўрашга, мени нега ишдан бўшатдингиз? Ўн йил отангизда, кейин сизда ишладим, на байрамни, на отпускани билмай ҳалол хизмат қилдим, ҳамманинг муҳаббатини қозондим, бир куни тўсатдан келиб, эълон қилишдики, мен ишдан бўшаган эмишман! Нима учун? Ҳалигача тушунолмайман! Мен медицина доктори, дворян, Москва университетининг студенти, бир оиланинг отаси бўлсам-у, ҳеч нарсага арзимас, кичкина бир махлуқдай, сабабини айтмай ҳайдаб юборишаверса-я! Ҳа, мени деб бош қотириб ўтиришнинг нима ҳожати бор? Кейинчалик эшитишимча, хотиним мендан бесўроқ, мен учун яширинча уч марта сизга илтимос қилиб борган экан, сиз бирор марта ҳам қабул қилмапсиз. Даҳлизда ўтириб йиғлаб келипти, деб эшитдим. У марҳумнинг бу иши учун ҳеч қачон кечирмайман! Ҳеч қачон!
Доктор жим бўлиб бирор гап айтмоқ учун тишларини баттар қисиб қўйди. Бир нарса унинг эсига тушиб қолган эди, хўмрайган совуқ чеҳраси бирдан очилиб кетди.
— Сизнинг, лоақал мана шу монастирга бўлган муносабатингизни олайлик! — деб гап бошлади ғазаб билан. — Сиз ҳеч қачон ҳеч кимга шафқат қилмагансиз, бу жой қанча муқаддас бўлса, сизнинг марҳаматингиз ва мулойимлигингиздан «баҳраманд» бўлиши учун гўё имкон мавжуд эди. Сиз нега бу ёққа келасиз? Бу ердаги манахлардан сизга нима керак? Гекуба сизга нима бўлади ва сиз Гекубага нима бўласиз? Яна сизга шу овунчоқ, ўйинкулги, одамларни масхара қилиш, бошқа ҳеч нарса эмас. Ахир, сиз монахларнинг худосига ишонмайсиз-ку, сизнинг дилингизда ўзингизнинг худойингиз бор, сиз спиритизм сеансларида ўз ақлингиз билан ўшангача бориб қолгансиз; черковдаги ибодатларга такаббурлук билан қарайсиз, тушки ва кечки ибодатларга бормайсиз, алламаҳалгача ухлаб ётасиз… Хўш, нега бу ёққа қатнайсиз?.. Бегона монастирга ўз худойингиз билан борасиз, яна буни монастир ўзи учун улуғ шараф деб билди, деб ўйлайсиз! Кошки эди, ҳеч келмасангиз! Воқиани сўраб кўринг-чи, сизнинг ташрифларингиз монахларга қанчага тушаркин? Сиз бу ерга бугун кечқурун қадам ранжида қилдингиз, уч кун муқаддам чопар келиб сизнинг келишингиз тўғрисида хабар бериб кетди. Кеча кун бўйи сиз учун оромгоҳ тайёрлаш билан овора бўлиб, роса кутишди. Бугун авангард — безбет оқсоч келди, у гоҳ ҳовлидан югуриб қолади, гоҳ у ёқ бу ёқда питирлайди, одамларга ҳар хил савол беради, буйруқ қилади… Тоқатим тоқ бўлиб кетди! Бугун монахлар кун бўйи оёқда туришди; ахир сизни тантана билан кутиб олишмаса — шўри қурийди-ку! «Жаноби олийлари, мени монахлар ёқтиришмайди. Билмадим нега жаҳлиларини чиқардим. Рост, мен катта гуноҳкорман, ахир мен бахтсиз аёлман-да!» деб архиерейга шикоят қилиб қоласиз! Сизнинг дастингиздан монастир ҳам жазосини тортади-ку. Архимандрит жуда банд, ўқимишли одам, бир минут ҳам бўш вақти йўқ, сиз бўлсангиз ҳадеб уни чақиртираверасиз. На ёшини, на мансабини ҳурмат қиласиз. Мўлроқ иона берсангиз ҳам майли эди, унча алам қилмасди-я, ахир шунча вақтдан бери монахлар сиздан юз сўм ҳам олгани йўқ!
Княгиняни безовта қилишган, унинг гапига тушунишмаган кезларда, ранжитишган пайтларда, у нима дейишини ва нима қилинишини билмай қолган пайтларда ҳамиша йиғларди. Ҳозир ҳам у юзини бекитиб, болаларча ингичка овоз билан йиғлаб юборди. Доктор бирдан жим бўлиб унга қараб қолди. Юзлари буришиб, ғазабга тўлиб:
— Мени кечиринг, княгиня, — деди у секингина. Мен ёмон хаёлга берилиб кетиб, ўзимни йўқотиб қўйибман. Бу яхши эмас.
Шундан кейин доктор хижолат тортиб йўталди-да, шляпасини кийишни ҳам унутиб, тезда княгинянинг олдидан жўнади.
Осмонда юлдузлар жимирлаб қолди. Монастирнинг нариги томонидан ой чиққан бўлса керак, чунки осмон чарақлаган, тиниқ ва нозик эди. Монастирнинг оппоқ деворлари устида кўршапалаклар жимгина учиб юрарди.
Соат неччигадир, астагина уч чоракка занг урди, саккиздан ошган бўлиши керак. Княгиня ўрнидан туриб, аста-секин дарвозага қараб юрди. У жуда ранжиган ва йиғлаб борарди, назарида шу ердаги дарахтлар, юлдузлар ва кўршапалаклар унга ачинаётгандай туйилди; соат ҳам гўё унга ачингандай мунгли занг урди. У йиғлаб туриб, эндиги умрини бутунлай монастирда ўтказиш тўғрисида хаёл қиларди: ёз фаслининг сокин оқшомларида ёлғиз ўзи хиёбонларда сайр қилиб юради, ранжиган, таҳқирланган, одамлар тушунолмаган жафокаш аёлнинг куз ёшларини фақат бир худо-ю, юлдузлар жимирлаб турган осмон кўради. Черковда кечки ибодат давом этмоқда эди. Княгиня тўхтаб, қўшиққа қулоқ солди; бу қўшиқ қоронғу, жимжит ҳавода қандай яхши янграяпти! Мана шу қўшиқ остида йиғлаш ва азоб чекиш қандай лаззатли!
Княгиня ўз оромгоҳига келгач, кўз ёшлари билан ювилган юзини ойнада кўрди ва упа суриб олди-да, кечки овқатга ўтирди. Унинг зиравор қўшиб сиркаланган стерлядь , майда замбуруғ, малага , асал қўшиб пиширилган пряникларни яхши кўришини монахлар биларди, бу нарсаларни егандан кейин оғзидан ҳамиша сарв ҳиди келиб турарди; ҳар сафар княгиня келганда шу таомларни беришарди. Княгиня замбуруғчаларни еб, малагани ичиб ўтириб, хаёлга чўмди: уни хонавайрон қилиб, кўчага улоқтириб ташлашлари, унинг ишбошилари, гумашталари, идора ходимлари ва оқсочлари (княгиня буларга кўп яхшилик қилган) алдашаётгани ва қўпол муомала қила бошлаганлари, ер юзидаги бор одамларнинг ҳаммаси унга ҳамла қилиб қолиши, ғийбат қилиши, унинг устидан кулиши тўғрисида ўйлаб кетди; у ўзининг князлик унвонидан, ҳамма дабдабаларидан ва жамоатдан воз кечиб монастирга кетса, биров бир оғиз таъна ҳам қилмас; ўз душманлари учун ҳам ибодат қилса, балки шунда уни одамлар тушуниб қолар, узр айтгани унинг ҳузурига келишар, аммо энди вақт ўтган бўлади…
Кечки овқатдан кейин княгиня бурчакка бориб, Евангелдан икки бобини ўқиди. Сўнгра оқсоч унинг ўрнини солиб берди, у ётди. Княгиня оқ чойшабни устига тортаётиб, худди йиғидан кейин хўрсингандай ҳузур қилиб, чуқур нафас олди-да, кўзини юмиб уйқуга кетди.
У эрталаб туриб соатига қаради: соат тўққиз ярим булибди. Деразадан тушиб, уйни хиёл ёритиб турган қуёш нури гиламдан кровать атрофига чўзилмоқда, деразага тутилган қора парда орқасида пашшалар ғувуллар эди.
Княгиня «ҳали вақт эрта!» деб ўйлади-да, яна кўзини юмди.
Ўринда керишиб ётиб, доктор билан бўлган кечаги учрашувни эслади, кеча қандай фикрлар билан ухлаган бўлса ҳали ҳам ўша фикрлар хаёлидан кетмайди; ўзининг бебахтлигини эслади. Кейин, ҳозир Петербургда турган эри, ўз мансабдорлари, докторлар, қўни-қўшнилари, таниш-билишлари, чиновниклар ёдига тушди… Унинг тасаввурида ўзига таниш бўлган бир қанча эркаклар жамоли гавдаланди. Княгиня илжайиб қўйиб ўйлади: агар шу одамлар унинг қалбига кирса-ю, уни тушунса, шунда ҳаммаси оёғига бош урган бўларди…
Соат ўн бирдан чорок ошганда княгиня оқсочни чақирди.
— Даша, кийимларимни олиб беринг, — деди ҳорғин бир овозда. — Ҳа, айтмоқчи аввал бориб айтинг, аравани қўшишсин. Клавдия Николаевнаникига бориш керак.
Княгиня аравага тушиш учун оромгоҳдан чиқиши билан ёруғдан кўзларини қисиб олди-да, ҳузур қилиб кулди: кун ниҳоятда яхши эди! У сузилган кўзлари билан атроф га қараб, кузатмоқ учун тўпланган монахларга мулойимлик билан бош ирғатиб хайрлашди:
— Хайр, дўстларим! Индингача хайр!
Кузатувчи монахлар билан бирга докторнинг ҳа борлиги уни ажиб бир ҳайратга солиб қўйди. Докторнинг ранги ўчган ва ғазаби қўзғалган эди.
— Княгиня, — деди у шляпасини олиб ва гуноҳкордек илжайиб. — Мен сизни анчадан бери шу ерда кутиб турибман. Худо ҳақи кечиринг… Кеча мени ҳар хил ярамас хаёллар босиб кетиб, сизга кўп бўлмағур гапларни айтиб юбордим… Қисқасини айтганда, узр сўрайман.
Княгиня ёқимтойгина илжайиб, унинг лабига қўлини чўзган эди, доктор қўлидан ўпиб, қизариб кетди.
Княгиня бедана юриш қилиб, аравага чиқди. Атрофга бош ирғатиб, ҳамма билан хайрлашди. Унинг кўнгли очиқ-ёриқ, хурсанд эди. Ўз табассумининг нақадар ёқимли ва майинлигини ўзи ҳам сезарди. Арава дарвозага бориб, кейин чанг кўча бўйлаб қатор уйлар ва боғлар ёнидаги кир-чир юк ортиб қатор кетаётган аравалар ва монастирга келаётганлар ёнидан ўтиб бораётганда княгиня ҳамон майин табассум билан сузилиб ўтирарди. У шундай деб ўйларди: борган ерига файз киритиш, шод-хуррамлик боғишлаш, хафаликларни кечириш ва душманларга майин табассум билан қарашдан кўра улуғроқ лаззат йўқ. йўлда дуч келган мужиклар унга таъзим қилиб ўтишади, коляска оҳиста ғичирлайди ғилдирак остидан ўйнаб кўтарила ётган чанг булутларини шамол учириб, олтиндай буғдойзорлар устига олиб кетмоқда; княгинянинг назарида гўё танаси коляскадаги ёстиқ устида эмас, булутлар орасида тебраниб юрибди, ўзи эса худди енгил, шаффоф булут парчасига ўхшайди.
— Қандай бахтиёрман-а! — дейди шивирлаб, кўзларини юмиб. — Қандай бахтиёрман!
No'malum. Muallifning She'ri
Xurshid Karim. Muallifning She'ri
Lochinbek Sharopov. Muallifning She'ri
Ibrohimbek BAHODIROV. Muallifning She'ri
Bahodirov. Muallifning She'ri
No'malum. Muallifning She'ri
No'malum. Muallifning She'ri
No'malum. Muallifning Hikoyasi
No'malum. Muallifning She'ri
Xurshid Karim. Muallifning She'ri
No'malum. Muallifning Hikoyasi
Xurshid Karim. Muallifning She'ri